Радзивил ва Дусанова Франциядаги турнирда шоҳсупага кўтарилишди

Енгил атлетиканинг баландликка сакраш йўналиши бўйича терма жамоамиз аъзоси Светлана Радзивил Европа ареналаридаги зафарли юришларини давом эттирмоқда. Ҳамюртимиз бу гал Франциянининг Монжерон шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда зафар қучди.

“Пьер де Кубертен” стадионида кечган мусобақада спортчимизнинг қайд этган натижаси 1.91 метрни ташкил этди. Мусобақада бошқа бир ҳамюртимиз Надия Дусанова ҳам иштирок этиб, 1.89 метр натижа қайд этди ва бронза медали билан тақдирланди. Дусанова куни кеча Польшадаги мусобақада ғолиб бўлиш учун 1.86 метр кифоя қилган эди.

Таъкидлаш жоиз, Токио Олимпиадасининг нормативи ушбу йўналишда 1.96 метрга тенг. Кўриниб турибдики, ҳамюртларимиз тобора юқори спорт формасига кириб боришмоқда. Мусобақада кумуш медаль эстониялик Грете Удрасга насиб этди. Удрас ҳам 1.89 метр кўрсаткич қайд этган. Бироқ бу баландлик учун Дусановадан камроқ уриниш сарфлагани учун иккинчи поғонага кўтарилди.

Токио Олимпиадасининг йўлланмаси учун ҳаракат қилаётган ҳар икки спорчтимизга келгуси мусобақаларда янада улкан зафарлар тилаб қоламиз.

26 Iyun, 2019|Янгиликлар|