МОҚ ишлаб чиққан Токио-2020 “йўл харитаси” дастурининг намойиши ўтказилди

Бугун Миллий олимпия қўмитасида спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнини янада такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган “йўл харитаси” дастурининг намойиши ўтказилди. Уни МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов очиб бериб, Олимпиадага олиб борилаётган тайёргарлик борасида ўз фикрларини билдирди. Сўз бошида Р.Шоабдураҳмонов МОҚга янги сайланган вице-президентлар С.Полатов ва А.Камиловни барчага таништириб ўтди.

Токио Олимпиадасига тайёргарлик жуда ҳам қизғин кечмоқда. Биз ишлаб чиққан режа ҳар томонлама қамраб олинган. Тўғри вақтимиз жуда зиқ, шу боисдан бор эътиборимиз ҳозирда Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарликка қаратилган. Қолаверса, федерацияларга янги, замонавий спорт базаларини қуриш бўйича ҳам дастлабки қадамни ташлаяпмиз. Бир неча кун ичида Тошкент вилоятидаги Хожикент масканида оғир атлетикачилар учун янги база қурилиши бошланади. Йил давомида велоспорт ва ўқ отиш спорти федерациялари учун ҳам замонавий шароитларга эга бўлган базаларга тамал тошлари қўйилади. Албатта, бу борада бизга эътибор қаратаётган ҳукуматимизга алоҳида раҳмат айтиб қоламан. Буларнинг барчаси спортчиларимизни Олимпиадага тайёрлашдан ташқари, аввало, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида олимпизм ғояларини илгари суриш мақсадида қилиняпти”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Шунингдек, йиғилиш давомида Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, федерация вакиллари, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази раҳбарлари, тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар, олдинда турган вазифалар юзасидан атрофилича маълумот беришди.

“Йўл харитаси” доирасида спорт турлари бўйича Олимпиада йўлланмаси учун курашаётган атлетларимиз, уларнинг саралаш ва Токио-2020даги асосий рақиблари индивидуал тарзда ўрганилаётгани, спорт турларига қараб терма жамоа вакилларининг овқатланиш рациони, витаминлар билан таъминлаш ва фармокологик воситалар берилиши кераклиги тушунтириб ўтилди.