МОҚда фигурали учиш бўйича ЖЧ мезбонлигига бағишланган матбуот-анжумани ўтказилди

Хабар берганимиздек, Тошкент 2022 йилнинг 7-13 март кунлари фигурали учиш бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қилиш учун даъвогар бўлиб турибди. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида ЖЧ мезбонлигига бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Унда МОҚ мутасаддилари, Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Айни пайтда Халқаро конькичилар иттифоқига мезбонлик бўйича ариза топширилган. Анжуманда ассоциация вакиллари бўлажак жаҳон чемпионатига мезбонлик юртимизда қишки спорт турларининг ривожи учун не чоғлик аҳамиятли экани, халқаро ташкилотнинг бу борадаги талаблари хусусида гапириб беришди.

Бу мусобақа ҳақиқатдан ҳам биз учун катта аҳамиятга эга. Жаҳон чемпионатини қабул қилиб, юртимизнинг нафақат спорт, балки туризм соҳасидаги ривожига хисса қўша оламиз. Шубҳасиз, беллашувларга “Ҳумо арена” мезбонлик қилиши кутилмоқда. Мусобақа 4 йўналишда: йигитлар ва қизлар ўртасида яккалик ҳамда жуфтлик, шунингдек, рақс бўйича ўтказилади. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида ўсмирлар ўртасидаги Гран-прига ҳам мезбонлик қилиш ниятимиз бор. Бу билан халқаро ташкилотга жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказа олишимизни кўрсатиб берамиз. Қолаверса, мусобақа логотипини аниқлаш учун жорий йилнинг октябрь ва декабрь ойлари орасида сўровнома ёки конкурс ўтказишни режалаштирганмиз”, – деди Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси вакили Артём Князев.

Анжуман давомида спортчиларимизни ушбу жаҳон чемпионатига саралаб олиш ва тайёрлаш мавзусида ҳам фикр билдирилди. Шунингдек, ассоциация вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтишди.

18 Iyun, 2019|Янгиликлар|