Чемпион атлетларимиз ва уларнинг мураббийлари муносиб тақдирланишди

Бундан бир неча кун муқаддам Фижида ўтган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 2 нафар спортчимиз Адҳамжон Эргашев ҳамда Акбар Жўраев иштирок этиб, барча йўналишлар бўйича 6 та олтин медалга сазовор бўлишганди. “Олимпия шон-шуҳрати музейи”да ушбу спортчиларимиз ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов ва МОҚ вице-презденти Азиз Камилов, оғир атлетика федерацияси раҳбарияти ва ОАВ вакиллари қатнашишди. Унда жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган полвонларимиз Адҳамжон Эрагашев ҳамда Акбар Жўраевга Ўзбекистон Республикаси Президентининг стипендияси – 50 000 000 сўм, уларни тарбиялаб берган мураббийларига эса 20 000 000 сўм миқдордаги пул мукофоти топширилди.

Унда сўзга чиққан спортчиларимиз қаратилаётган эътибор учун ҳукуматимиз ва барча ташкилотларга ташаккур айтиб, келажакда бундан-да яхши натижаларни кўрсатишга ваъда беришди.

Таъкидлаш жоиз, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бугун эрта тонгда узоқ муддатли ўқув-машғулот йиғинига йўл олишди.

16 Iyun, 2019|Янгиликлар|