Ёш оғир атлетикачиларимиз жаҳон чемпионатидан ёруғ юз билан қайтиб келишди

Хабарингиз бор, 1-8 июнь кунлари Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада терма жамоамиз 2 спортчи билан иштирок этиб, 100 фоизлик натижа қайд этди. Мусобақада қатнашган полвонларимиз Адҳамжон Эргашев (-67 кг) ва Акбар Жўраев (-109 кг) даст ва силтаб кўтариш, шунингдек, икки кураш бўйича ҳам барча олтин медалларни ўз ҳисобларига ёздириб, жаҳон чемпионатида жами 6 та олтин медалга сазовор бўлишди. Эътиборлиси, мусобақа якуни бўйича эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгалладик.

Мазкур мусобақада қатнашган қаҳрамонларимиз бироз аввал Тошкентга қайтиб келишди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган тантанали кутиб олиш маросимида Миллий Олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вакиллари, шунингдек, ОАВ ходимлари ва кўп сонли спорт мухлислари иштирок этишди.

Тадбирда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам қатнашиб, спортчиларимизга ўз тилакларини билдириб ўтди.

“Сиз олис Фижи мамлакатида ҳақиқий матонат ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатдингиз. Биз сизлар билан фахрланамиз. Умид қиламизки, Токио Олимпиадасида ҳам ана шундай ғалабалар билан халқимизни, спорт мухлисларини ва албатта, Президентимизни хурсанд қилишда давом этасизлар”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси спортчиларимизнинг келгусидаги фаолиятида ҳам улкан зафарлар тилаб қолади.