Юртимизга от спортини ривожлантиришнинг французча модели олиб кирилади

Ҳар бир спортнинг ўзига яраша жозибаси ва завқи бор. Ғарбда ҳеч бир спорт тури йўқки, миллионлаб мухлислар орттира олмаган. Исталган спорт турини олманг, уни томоша қилиш учун аренада минглаб, ойнаи жаҳон қаршисида эса миллионлаб томошабинлар жам бўлишади. Бундай даражага чиқиш учун узоқ йиллик тажрибалар асосида ишлаб чиқилган ривожланиш модели керак. Бугун Миллий Олимпия қўмитасига Франциянинг “WeKanCode” компаниясининг бош директори, “SUN Group Global” компанияси вице-президенти Амори ду Бурбон Парм ташриф буюрди. Франциялик ушбу меҳмон Европада от спортини оммалаштириш бўйича шуҳрат қозонган маркетологлардан бири ҳисобланади. Меҳмонни МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов кутиб олди.

Авваламбор, от спортини ривожлантириш йўлидаги ҳамкорликда бизни танлагангиздан мамнунман. Дарҳақиқат, юртимизда кўплаб спорт турлари қатори от спортининг ривожланиши ҳам жадаллик билан кетмоқда. Айни пайтда шаҳримизда 70 гектар жой эгаллаган янги ипподором лойиҳасининг асосий қисми қуриб битказилди. Ушбу спортни ривожлантиришга шахсан Президентимиз ҳам алоҳида эътибор қаратганлар ва бу борада махсус қарор ҳам эълон қилинган. Юртимиз сиз каби хорижлик ишбилармонлар учун ўз эшикларини очмоқда. Сизнинг ёрдамингизда юртимизда от спортини Европадагидек катта қизиқиш остида кечадиган мусобақалардан қилиш ниятидамиз”, – деди Жасур Матчанов.

Ўз навбатида франциялик меҳмон ҳам ташриф бўйича ўзининг қатор фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Юртингизда биринчи бор бўлишим. Интернет орқали маълумот олганимда Ўзбекистонни жадаллик билан ривожланаётган давлатлардан бири сифатида ўқиган эдим. Ўз кўзим билан кўряпманки, бу ривожланиш тасаввуримдан ҳам тезроқ ва шиддатлироқ рўй беряпти. Шубҳасиз, бу нарса мақсадингизга илдамроқ боришингизга ёрдам беради. От спортини ривожлантиришнинг французча моделини юртингизга олиб киришни ният қилдим. Ўз мамлакатимда ушбу спорт ривожи қандай босқичларда олиб борилса, уни Ўзбекистонда ҳам шундай татбиқ қиламиз. Ушбу ташрифим давомида ўзим учун керакли бўлган дастлабки маълумотларни оламан. Насиб қилса, сентябрь ойида яна келаман ва ўшанда ҳамкорликнинг аниқ дастурларини белгилаб чиқамиз”, – деди Амори ду Бурбон Парм.

Меҳмон суҳбат давомида от спортининг Олимпия ўйинларига кирган йўналишлари, от пойгалари ва йилқичиликни ривожлантириш бўйича ўзининг қимматли маслаҳатларини берди. Шунингдек, соҳани биргаликда ривожлантириш бўйича хорижлик қатор инвесторлар билан ҳамкорлини йўлга қўйиш борасида фикр ва мулоҳазалар олиб борилди.

10 Iyun, 2019|Янгиликлар|