МОҚ Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини табриклайди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қайд этилган ажойиб натижа билан Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини муборакбод этади.

Маълумки, ўзбек оғир атлетикаси сўнгги йилларда дунёнинг энг кучли мактабларидан бирига айланиб улгурди. Ўтказилаётган халқаро мусобақаларда ҳам терма жамоамиз вакиллари ҳеч қачон юртимизга “қуруқ” келишмайди. Бу хоҳ ўсмирлар, ёшлар ёинки катталар ўртасидаги ҳар қандай мусобақа бўлмасин, оғир атлетикачиларимиз шода-шода медалларни қўлга киритадилар. Бу эса федерация раҳбариятининг олиб бораётган тўғри ва тизимли ишларининг мевасидир.

Хусусан, шу кунларда Фижининг Сува шаҳрида ёшлар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақада терма жамоамиз 2 спортчи билан иштирок этиб, 100 фоизлик натижа қайд этди. Мусобақада қатнашган полвонларимиз Адҳамжон Эргашев (-67 кг) ва Акбар Жўраев (-109 кг) даст ва силтаб кўтариш, шунингдек, икки кураш бўйича ҳам барча олтин медалларни ўз ҳисобларига ёздириб, жаҳон чемпионатида жами 6 та олтин медалга сазовор бўлишди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бундай ажойиб натижа билан Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти, спортчи ҳамда мураббийларимизни, қаҳрамонларимизнинг оила-аъзоларини ва албатта, сиз азиз мухлисларни мана шундай ғалаба билан муборакбод этиб қолади. Умид қиламизки, мана шундай зафарли юришлар келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида ҳам бардавом бўлади.