Халқаро самбо федерацияси ижроқўм директори МОҚга ташриф буюрди

Миллий Олимпия қўмитаси юртимизда соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб қилиш борасида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Мамлакатимизнинг кўплаб халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиши эса мақсад сари янада тез боришга замин яратади. Тошкент шу йилнинг 11-13 октябрь кунлари самбо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бўлажак мусобақага тайёгарлик жараёнини кўздан кечириш ва ушбу спорт турини янада оммалаштириш мавзусида суҳбат олиб бориш учун Халқаро самбо федерацияси ижроқўм директори Сергей Табаков ва Халқаро самбо федерацияси вакили Александр Корсик Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Меҳмонларни Жасур Матчанов кутиб олди.

Суҳбат аввалида МОҚ Бош котиби меҳмонларга мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик ва ўзбек самбочиларининг имкониятлари хусусида маълумот бериб ўтди.

Самбо юртимизда энг ривожланган спорт турларидан бири. Терма жамоамизда ушбу спорт тури бўйича кўпкарра жаҳон чемпионлигини қўлга киритган йигитлар бор. Самбонинг Ўзбекистондаги ривожи бир маромда ва барқарор кетмоқда. Бўлажак мусобақага келсак, биз уни юқори савияда ўтказишга тайёрмиз. Бу борада катта ҳажмда ишлар олиб борилмоқда. Самбо спортини Халқаро Олимпия қўмитаси ҳам тан олди. Шу боис биз томонимиздан уни янада оммалаштириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилган. Ушбу спортнинг янада оммалашиши учун уни кўплаб халқаро комплекс мусобақалар дастурига киришини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Мисол учун, самбо Ислом бирдамлиги ўйинлари спорт мусобақаси дастурига кирса, ўйлайманки, унинг оммалашув географияси янада кенгаяди”, – деди Жасур Матчанов.

Ўз навбатида Сергей Табаков ҳам олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бериб, ҳамкорлик борасида қатор фикрларни билдириб ўтди.

Дарҳақиқат, ўзбек самбочиларининг халқаро майдондаги ўрни баланд. Бу спорт ўз-ўзидан бунчалик оммалашмаяпти. Бунда МДҲ мамлакатларининг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Шу боис ҳам биз юртингиздаги олий ўқув-юртларида самбога ихтисослашган факультет очиш таклифи билан чиқмоқчимиз. Агар бу ғоя амалга ошса, профессор педагог-кадрлар бўйича биз ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз. Самбони жаҳон миқёсида янада оммалаштириш учун уни ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш режалаштирилган. Бу эса Олимпиада сари қўйилган катта қадам бўлади”, – деди Сергей Табаков.

Музокаралар давомида мамлакатимизнинг келаси йили ҳарбийлар ўртасидаги дунё биринчилигига мезбонлик қилиши ҳам алоҳида мавзуга айланди. Шунингдек, самбонинг Ўзбекистондаги ривожи борасида қатор истиқболли дастурлар хусусида келишув олиб борилди. Суҳбат якунида Халқаро самбо федерацияси вакиллари юқори савияда ташкиллаштирилган учрашув учун ташаккур айтиб, МОҚга эсдалик совғаларини тақдим қилишди.

7 Iyun, 2019|Янгиликлар|