Ўзбекистонлик спортчилар “Халқаро Олимпиячилар форуми”да иштирок этишди

Россиянинг Москва шаҳрида 16 мамлакатдан 100 дан зиёд спортчиларни ўзида жамлаган “Халқаро Олимпиячилар форуми” бўлиб ўтди. Мазкур тадбирни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад ёш атлетларни спортдаги янги тенденциялар билан таништиришдан иборатдир.

Ушбу халқаро форумда Ўзбекистондан ташриф буюрган делегация ҳам қатнашди. Делегациямиздан 4 нафар спортчи: Валерия Ковалева (тоғ чанғиси), Медет Назаров (тоғ чанғиси), Дарья Свободина (фигурали учиш) ва Азизмурод Шабазов (фигурали учиш) ўрин эгаллаган. Форумда асосан 14-17 ёшли қишки спорт турлари билан шуғулланувчи спортчилар иштирок этишган бўлиб, уларни келаси йили Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги қишки Олимпия ўйинларига руҳий ва психологик жиҳатдан тайёрлашга асосий эътибор қаратилди.

Форум давомида WADA, Халқаро Олимпия қўмитасидан ташриф буюрган мутахассислар ёш атлетларга спортда соғлом рақобат бўлиши кераклиги, юқори натижа учун тақиқланган препаратлардан сақланиш ва фармокологик воситалардан тўғри фойдаланиш каби масалалар юзасидан семинарлар ўтказишди.

Тадбир якунига етгач барча делегация аъзолари учун Москва шаҳри бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.

4 Iyun, 2019|Янгиликлар|