Жаҳон чемпионатидан аввал Халқаро камондан отиш федерациясининг йиғилиши ўтказилмоқда

10-19 июнь кунлари Голландиянинг Хертогенбос шаҳрида камондан отиш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мазкур дунё биринчилигидан аввал Халқаро камондан отиш федерацияси ўзининг 53-Конгрессини ўтказмоқда.

Ушбу Конгрессда халқаро федерация ўтган давр мобайнида қилинган ишлар бўйича ҳисобот олиб бориб, камондан отиш спортини янада оммалаштириш, келажакдаги йирик мусобақаларга мезбон шаҳарларни аниқлаш масалаларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Йиғилишда эълон қилинган қарорга кўра, 2023 йили бўлиб ўтадиган дунё биринчилигига Германиянинг Берлин шаҳри мезбонлик қиладиган бўлди. Имконияти чекланган спортчилар ўртасидаги дунё биринчилигини эса Чехиянинг Пльзень шаҳри қабул қилади.

Эътиборлиси, мазкур йиғилишда Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси Отабек Имамов ҳам иштирок этмоқда. Юртдошимиз Конгресс доирасида Халқаро камондан отиш федерацияси президенти Угур Эрденер билан учрашиб, ушбу спортни юртимизда янада ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашишди.

Яна бир неча кундан сўнг старт оладиган дунё биринчилигида келаси йили Токиода ўтадиган Олимпиада учун йўлланмалар ўйналиши янада аҳамиятли. Табиийки, терма жамоамиз вакиллари ҳам мазкур мусобақада асосий таркиб билан иштирок этишади.

2 Iyun, 2019|Янгиликлар|