Пойтахтимизда “Халқаро велосипед куни”га бағишлаб веломарафон ўтказилди

3 июнь “Халқаро велосипед куни” куни муносабати билан бугун пойтахтимизда велоспорт бўйича марафон ўтказилди. “Ҳумо арена” спорт мажмуасининг ёнидан старт олган веломарафон пойтахтимизнинг “Бешёғоч”, “Фурқат”, “Ислом Каримов”, “Шароф Рашидов” ва “Афросиёб” кўчалари бўйлаб жами 5 километр масофада ташкил қилинди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, аввало, аҳоли ўртасида спортнинг ушбу турини янада оммалаштириш, шаҳримиз аҳолисининг дам олиш кунини мазмунли ўтказишга хисса қўшиш ва уларни жисмоний ҳаракатга жалб қилишдан иборатдир. Ушбу веломарафонда 300 дан ортиқ ҳаваскорлар иштирок этди.

Веломарафон старт олишидан аввал сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева ушбу спорт турининг юртимиздаги ривожи хусусида тўхталиб ўтди.

Бугун бизнинг спортимиз учун байрам. Барчамиз “Халқаро велосипед куни”ни Ўзбекистонда нишонлаш учун жам бўлдик. Юртимизда ушбу спортга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Мазкур мусобақада қатнашган терма жамоамиз вакиллари кўплаб медалларни қўлга киритишди. Барчангизга соғлик-саломатлик тилаган ҳолда марафон иштирокчиларига омад тилайман”, – деди Танзила Норбоева.

Мусобақа якунида велоспорт кунида ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда қўшган хиссаси учун барча иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилди.

2 Iyun, 2019|Янгиликлар|