Болаларга қувонч улашинг ёхуд МОҚ “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб тадбир ўтказди

1 июнь санаси бутун дунё бўйлаб “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ушбу кун катта тантанага айланади. Ҳар кўчага, ҳар маҳаллага борманг келажагимиз эгалари бўлмиш болакайлар учун байрамона дастурлар тайёрлаб қўйилган. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ушбу байрамга оз бўлса ҳам ўз хиссасини қўшди. Бугун МОҚ биносида Тошкент 1-сон мурувват уйи тарбияланувчилари ва юзлаб ёш спортчилар байрам дастури учун жам бўлишди. Ушбу дастур доирасида мурувват уйи тарбияланувчилари учун МОҚ биноси бўйлаб сайр, шунингдек, спортчилар иштирокида кўргазмали чиқишлар ташкиллаштирилди. Тантанали байрам дастурини МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов очиб берди.

“Бугунги байрам билан барча болажонларимизни ўзим ва Миллий олимпия қўмитаси номидан табриклайман. Ҳукуматимиз томонидан баркамол авлодни вояга етказиш учун катта эътибор қаратилган. Бунинг доирасида меҳрга муҳтож ва имконияти чекланган болалар ҳам четда қолмаган бўлиб, улар ҳамиша давлатимиз томонидан кўрсатиладиган шундай ғамхўрликни ҳис қилиб келишмоқда. Ўтган ой МОҚ ташаббуси билан Республикамизда “Спорт ойлиги” ўтказилди. Ушбу ойлик доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида кўплаб мусобақалар ташкил қилинди. Натижада аҳолимизнинг янада кўпроқ қатламининг жисмоний тарбия билан шуғулланишини таъминлай олдик. Ушбу ойлик давомида, айниқса, болалар спортига алоҳида эътибор қаратилди. Азиз болажонлар, бугун бизнинг мана шундай арзимас байрамона табригимизни қабул қиласизлар деган умиддаман. Сизлар бизнинг келажагимизсиз. Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин”, – деди Жасур Матчанов.

Байрам дастури давомида МОҚга ташриф буюрган меҳрибонлик уйидаги болаларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Шунингдек, ўзбек спорти юлдузларининг болажонларни табриклаш учун ташриф буюргани уларга унутилмас қувонч ҳадя этди.

МОҚ биносидаги тадбир якунига етгач, Миллий олимпия қўмитаси вакиллари, фахрий ва таниқли спортчиларимиз, ОАВ вакилларидан иборат гуруҳларга бўлиниб, шаҳримиздаги меҳрибонлик ва мурувват уйлари, шунингдек, Тошкент шаҳар онкология диспансери ҳамда Республика онкология илмий марказига ташриф буюриб, болакайларни байрам билан табриклаб қайтишди.