МОҚда спорт экипировкаларини ишлаб чиқарувчи машҳур “Absolute Fencing Gear Inc.” компанияси билан музокара ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кўплаб соҳалар қатори юртимизда спортни ривожлантириш борасида ҳам изчил ишлаб амалга оширилмоқда. Ўз навбатида Президентимиз белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси жаҳонга машҳур “Absolute Fencing Gear Inc.” компанияси билан ҳамкорлик қилиш борасида музокара ўтказмоқда. Бугун ушбу компания директори Гарри Лу пойтахтимизга ташриф буюрди. Меҳмон ташрифи давомида МОҚ бўйлаб сайр қилиб, ўзбек спортининг ривожи борасида илиқ фикрларини билдириб ўтди. Ташриф давомида мартабали меҳмонга МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳамроҳлик қилди.

Авваламбор, таклифимизга йўқ демасдан ташриф буюрганингиз учун раҳмат. Биламизки, сизнинг компаниянгиз сифатли спорт анжомларини ишлаб чиқариш бўйича дунёга машҳур. Айни пайтда юртбошимиз томонидан хорижлик инвесторлар учун кенг имконият яратиб берилмоқда. Ўз ишингизни бизнинг мамлакатда ҳам йўлга қўйсангиз, ишонаманки, бу ҳар икки томон учун ҳам анча манфаатли. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган ва бу ҳудуд яқинидаги Эрон билан ҳисоблаганда бу сизнинг компаниянгиз учун жуда катта бозор”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида хорижлик тадбиркор ҳам Ўзбекистонга қилган ташрифидан беҳад мамнун эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тошкентга иккинчи бор келишим. Биринчи марта 2015 йил апрель ойида пойтахтингиз қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганида ташриф буюргандим. МОҚ раҳбари билан ўтган йили Ўзбекистонда ҳамкорликда ишлаш борасида суҳбатлашган эдик. Мана энди бу суҳбатимиз расмий учрашув даражасига етди. Ўзбекистон ҳукуматининг спортга жуда катта эътибор бераётгинини ҳис қиляпман. Сизлар билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Компаниямиз асосан замонавий бешкураш ва қиличбозлик спорт турлари бўйича профессионал спортчиларга жиҳозлар етказиб берса-да, Олимпиада ва Олимпиадага кирмаган бошқа спорт турлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келамиз. Шунингдек, фирмамиз профессионал спортчилардан ташқари ҳаваскор тарзда спорт билан шуғулланувчилар учун ҳам кенг ҳажмдаги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйган”, – деди Гарри Лу.

Маълумот учун, “Absolute Fencing Gear Inc.” компания ишлаб чиқарадиган маҳсулотлардан қиличбозлик ва замонавий бешкураш спорти бўйича ўтадиган барча йирик мусобақаларда фойдаланилади. Компания ушбу спорт турлари билан шуғулланувчи Канада, Хитой, АҚШ, Италия, Германия ва бошқа кўплаб терма жамоа вакилларини спорт жиҳозлари ва кийимлари билан таъминлаб беради. Суҳбат давомида компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти борасида истиқболли режалар хусусида музокаралар олиб борилди.

31 May, 2019|Янгиликлар|