МОҚ қошидаги РСТИАМ ташаббуси билан “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор” акцияси ўтказилди

Инсон она қорнидалигидан яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай экан, у туғилиб, вояга етгунгача бўлган даври мобайнида ҳар қандай имтиёзга ҳақли. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташаббуси билан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли иш амалга оширилди. МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази (РСТИАМ) бугун пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган Тошкент шаҳар болалар уйида 1 июнь- “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор” шиори остида акция ўтказди.

Унда марказда фаолият олиб борадиган тор доирадаги шифокорлар мазкур даргоҳда яшаётган болакайларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Бундай тадбирларни ташкил қилишдан кўзланган мақсад, аввало, келажагимиз эгаларига юксак эътибор ва меҳр кўрсатишдир. Уларнинг соғлом бўлиб вояга етиши жамият ривожи учун фақатгина фойда бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, бу хайрия акцияси аҳолининг барча ижтимоий қатлами давлатимиз эътиборида эканлигидан далолатдир.

Текширув давомида касаллиги аниқланган баъзи болакайларга мутахассислар томонидан ташхис қўйилиб, уларнинг даволаниши учун зарур шароитлар яратиб бериладиган бўлди.

30 May, 2019|Янгиликлар|