Икки шахматчимиз Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритди

Пойтахтимизда шахмат бўйича Жаҳон кубогининг Марказий Осиё саралаш босқичи ўз якунига етди. Эркаклар ва аёллар ўртасида кечган қизиқарли беллашувлар якунига кўра 2 нафар шахматчимиз Жаҳон кубогининг финал йўлланмасига эга бўлди.

Энг қизиқарли якун аёллар тоифасида кечди. Зеро, сўнгги тур аввалидан имконияти рақибаларига қараганда бироз пастроқ бўлган Нилуфар Ёқуббоева рақибаларига қараганда омадлироқ чиқди. Аёллар ўртасида 3 иштирокчи мусобақани бир хилда 7 очкодан жамғариб якунлашди. Якунда қўшимча кўрсаткичлари устун бўлган Ёқуббоева олтин медаль билан бирга Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида ҳам мусобақа якунида якка пешқадамни аниқлай олмадик. Ўтказилган 9 тур якунига кўра ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов ва қозоғистонлик Ринат Жумабоев бир хил 6,5 очкодан жамғаришди. Бу борада қўшимча кўрсаткичлар бўйича қозоғистонлик гроссмейстерда устунлик қилди. Регламентга кўра, эркаклар ўртасида дастлабки икки ўрин эгларига Жаҳон кубогининг ҳал қилувчи босқичига йўл олиш насиб этарди. Шу тариқа, Қосимжонов ҳам нуфузли мусобақада иштирок этадиган бўлди.

Маълумот учун, аёллар ўртасидаги Жаҳон кубоги 2020 йилнинг 21 сентябрь – 15 октябрь Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтса, эркаклар ўртасидаги турнир шу йилнинг 9 сентябрь – 2 октябрь кунлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилади.

29 May, 2019|Янгиликлар|