МОҚда спорт тиббиёти ва фармакалогиянинг замонавий спортда тутган ўрни хусусида илмий семинар бўлиб ўтди

Барчага маълумки, сўнгги йилларда спортнинг ривожланиб боришида нафақат атлетнинг туғма қобилияти ва меҳнати, балки унга тақдим этиладиган озиқ-овқат, фармокологик воситаларнинг ҳам ўз ўрни бор. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида атлетларимизни Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тиббий-биологик жиҳатдан тайёрлаш мавзусига бағишланган катта илмий-амалий семинар ўтказилди. Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари ва мутасадди вакиллари, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг профессорлари, юртимизда фаолият олиб борадиган спорт федерациялар раҳбарияти ва шифокорлари, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирок этишди.

Семинарда сўзга чиққан МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимизни Олимпиадага тайёрлашда соҳанинг не чоғлик муҳим аҳамият касб этиши ва тиббиёт марказининг фаолиятига алоҳида урғу бериб ўтди.

Токио Олимпиадасига жуда оз вақт қолди. Буни ҳар гал такрорламоқдамиз. Шундай масъулиятни тушуниб, ушбу семинарга келганингиз яхши. Мана шунақа имкониятлар яратилганига қарамасдан, негадир барча федерациядаги терма жамоа вакиллари тиббий кўрикдан ўтгани келавермайди. Бундай ҳолат бўлмаслиги керак. Ахир бу имкониятларнинг барчаси атлетларимиз учун. Терма жамоа асосий таркибидаги спортчи 1 йилда камида 2 маротаба тиббий кўрикдан ўтиши талаб этилади. Барчангизга маълум, ҳозирги замонда тиббиёт технологиялари ривожланиб, юқори натижалар қайд этилишида фармокологик воситаларнинг ўрни ортиб бормоқда. Булардан тўғри фойдаланиш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишда бу каби семинарлар катта ёрдам беради”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Семинар давомида МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг профессорлари ўз изланишлари орқали жаҳон тажрибалари асосида тайёрланган тақдимотни йиғилганлар эътиборига ҳавола қилишди. Таъкидлаш жоиз, спортчи юқори натижалар қайд этишида унинг турли рационлар асосида керакли озуқа ва витаминлар билан ўз вақтида таъминланиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Семинар давомида шундан келиб чиқиб, бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, федерация шифокорлари ҳам ўз билим ва кўникмаларидан келиб чиққан ҳолда истиқболли таклифларни киритишди.