Академик эшкак эшувчиларимиз халқаро йиғин ва Жаҳон кубоги босқичида қатнашишади

Айни пайтда кўплаб спорт турлари қаторида академик эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз вакиллари ҳам Токио Олимпиадасининг йўлланмаларини қўлга киритиш учун қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Тайёргарлик режаси асосида улар Беларуснинг Брест шаҳрида 30 май куни халқаро ўқув-машғулот йиғинини бошлашади.

Мазкур йиғин 17 июнгача давом этиб, унда спортчиларимизнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилади. Машғулотлар якунига етгач, терма жамоамиз Польшанинг Познань шаҳрига йўл олиши белгиланган. Айнан ушбу шаҳар 18-24 июнь кунлари академик эшкак эшиш бўйича Жаҳон кубогининг иккинчи босқич беллашувларига мезбонлик қилади.
Беларус ва Польша сафарига терма жамоамиз 18 нафар спортчи ва 4 мураббий билан йўл олади.

28 May, 2019|Янгиликлар|