Триатлончимиз Андрей Шарипов яна бир мусобақада ғолиб бўлди

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида триатлон бўйича «TEMIRADAM » кубогининг учинчи босқчи беллашувлари бўлиб ўтди. Унда қўшни мамлакат вакиллари, шунингдек, Россиядан ташриф буюрган иштирокчилар баҳс олиб борди. Эътиборлиси, ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақада ҳамюртимиз Андрей Шарипов яна бир бор ғалаба қозонди.

Чимкентдаги баҳс триатлоннинг классик йўналишларида кечди, яъни спортчилар унда 1500 метрга сузиш, 40 километрга велопойга ва 10 километрга югуриш бўйича ўзаро баҳслашишди. Триатлончимиз мазкур масофаларни босиб ўтиш учун 2 соат, 10 дақиқаю 40 сония вақт сарфлади. Мусобақанинг аёллар ўртасидаги беллашувда мезбонлар вакиласи Айнур Кумаровага тенг келадигани топилмади.

Эслатиб ўтамиз, Шарипов 12 май куни Таразда ўтказилган иккинчи босқичда ҳам марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтган эди.

28 May, 2019|Янгиликлар|