“Спорт ойлиги” доирасида “Соғлом оила – жамият бойлиги” веломарафони ўтказилди

Сир эмаски, юртимизда хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳаваскорлар ўртасида турли миқёсда ташкил қилинаётган спорт мусобақалари аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан май ойи юртимизда “Спорт ойлиги” деб эълон қилинган эди. Бугун пойтахтимиздаги “Миллий” стадионида ҳам ана шундай спорт тадбирларидан бири Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Халқаро оила куни арафасида ўтказилган мазкур мусобақада пойтахтимизнинг турли туманларидан ташриф буюрган жами 100 дан зиёд хотин-қизлар иштирок этишди. Бундай спорт тадбирини ўтказишдан мақсад, аввало, аёллар саломатлигига эътибор қаратиш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, шу билан бирга ҳаётимиз кўрки ва миллатимиз келажаги бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама соғлом ва жисмонан бақувват бўлишларини таъминлашга қаратилган.

Мусобақа 40 ёшгача ва ундан юқори ёш тоифаларида ўтказилди. Иштирокчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб, масофа ҳам шунга яраша белгилаб олинган. Натижалар бўйича иккала йўналишда Олмазор тумани вакилалари ғолибликни қўлга киритишди. 18-40 ёш оралиғидаги беллашувларда Мавлуда Исаева, 40 ёшдан катта тоифада эса Светлана Исаева маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Беллашувлар якунига кўра, барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Эътиборингизга мазкур спорт тадбиридан қатор фотосуратларни ҳавола қиламиз.

 

18 May, 2019|Янгиликлар|