Муроджон Холмуратов “Silk Way Series Astana” мусобақасида кумуш медалга сазовор бўлди

Айни кунларда Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳри велоспортнинг трек йўналиши бўйича “Silk Way Series Astana” халқаро мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Мазкур турнир Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қилгани учун ҳам унда дунёнинг 16 мамлакатидан ташриф буюрган спортчилар иштирок этяпти.

Бугун бўлиб ўтган шахсий очколар пойгасида ҳамюртимиз Муроджон Холмуратов мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. Спортчимиз шу билан бирга Токио Олимпиадаси учун ушбу йўналишда 90 рейтинг очкосини ҳам ўз ҳисобига қўшиб қўйди. Пойгада қозоғистонлик Ассилхан Турар олтин, хитойлик Пинган Шен эса бронза медалига эгалик қилган.

Таъкидлаш жоиз, мусобақа давомида терма жамоамиз вакиллари бошқа йўналишларда ҳам иштирок этиб, Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини жамғаришмоқда.

16 May, 2019|Янгиликлар|