Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлаб олиб борилмоқда. Жумладан, бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида “Олий спорт ютуқларини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Мазкур анжуманда Россия олимпия қўмитасининг Инновацион маркази директори Сергей Зоткин ҳамда марказнинг спорт илм-фани бўйича директори Ирина Зеленкова, Қозоғистон Республикасининг Костанай Давлат педагогика институтининг илмий ходими И.П.Сивохин ҳамда юртимизнинг бир қатор жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги илмий-педагог кадрлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Анжуманниинг дастлабки қисмида Россия олимпия қўмитасининг Инновацион маркази директори Сергей Зоткин йиғилганларни ўз тақдимоти билан таништирди.

Дарҳақиқат, кўтарилган мавзу айни пайтда бутун дунё бўйича долзарб масалалардан бири. Йилдан йилга спорт турлари, атлетлар, қоидалар ўзгариб бормоқда. Илгари мумкин бўлган дори ёки витаминлар бугунга келиб тақиққа тушган. Шу боис ҳам профессионал спортчининг йирик мусобақаларда натижа кўрсатишини таъминлаш қийин масалалардан бири. Ҳар бир Миллий олимпия қўмитасида спортчиларни Олимпиадага тайёрлаш бўйича изчил ишлар олиб бориляпти. Бу борада атлетларнинг еб-ичиши, кунлик ҳаракатларининг назоратини замонавий методлар орқали таҳлил қилиш энг асосий ечимлардан биридир”, – деди Сергей Зоткин.

Анжуман давомида қолган мутахассислар ҳам ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда миллий терма жамоаларни мусобақаларга тайёрлашда инновацион педагогик технологияларни қўллаш, юқори тоифали спортчиларни тайёрлашда тиббий-биологик таъминотининг замонавий технологиялари мавзусида тайёрлаб келган тақдимотларини намойиш қилишди.

15 May, 2019|Янгиликлар|