Манчестерда Халқаро таэквондо WT федерациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилмоқда

Хабарингиз бор, эртага Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида таэквондонинг WT йўналиши бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати старт олади. Барча спорт турларида бўлгани сингари бу йирик мусобақадан аввал Халқаро федерациянинг Бош ассамблеяси ташкил қилинди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси вакиллари ҳам бевосита иштирок этишмоқда.

Ассамблеянинг биринчи қисмида кун тартибига қўйилган асосий мавзу таэквондо спортининг бутун дунё бўйлаб оммалашувини янада кенгайтириш ва Халқаро федерациянинг молиявий ҳолати бўлди. Куннинг биринчи ярмида мана шу масалаларга алоҳида урғу берилди ва дастлаб Халқаро федерация молия бўлимининг аудит ҳисоботи тингланди. Шунингдек, янги мавсум учун Халқаро таэквондо WT федерацияси бюджети тасдиқланди.

Айни пайтда Бош Ассамблея йиғилиши ўз ишини давом эттирмоқда. Кун давомида жанглар пайтида спортчиларнинг ҳаракатини баҳолашда киритиладиган ўзгаришлар, Халқаро федерация байроғи остида ўтадиган мусобақаларнинг ташкилий жиҳатлар борасидаги янгиликлари, шунингдек, яқин йиллар ичида ўсмирлар, ёшлар ва катталар миқёсидаги мусобақаларга мезбонлик қилувчи шаҳарларни аниқлаш каби масалалар ҳам муҳокамага қўйилади.

Қолаверса, Бош Ассамблея давомида халқаро федерациянинг Ижроқўм, тиббий ва техник қўмиталарининг ҳисоботи тингланиб, бу йил Италиянинг Неаполь шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Универсиада ўйинлари ва Токио Олимпиадасига кўрилаётган тайёгарлик юзасидан тақдимот намойиш этилиши ҳам белгилаб қўйилган.

Маълумот учун, Бош Ассамблея йиғилишида мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Миллий олимипия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов ҳамда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси Бош котиби Абдуазим Исроиловлар иштирок этишмоқда.

14 May, 2019|Янгиликлар|