Ўзбекистон ва Туркманистон Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди

Маълумки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимизда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, Олимпизм ғояларини кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни оммавийлаштириш йўлида қатор мамлакатлар олимпия қўмиталари, шунингдек нуфузли Халқаро спорт федерациялари ва ташкилотлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиб келмоқда.

Бугун пойтахтимиздаги «Miran International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Туркманистон Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу борада айнан Туркманистон Миллий олимпия қўмитасининг танланишида ҳам ўзига яраша сабаблар бор. Аввало, икки қўшни мамлакат ва қардош халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларини спорт соҳасида ҳам ривожлантириш, қолаверса, қатор спорт турлари бўйича тажриба алмашиш, ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этишда ҳам рамзий маъно мужассам.

Маълумки, Туркманистон 2017 йили Жанг санъати ва ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига мезбонлик қилган. Ушбу мамлакат йирик комплекс спорт мусобақасини ўтказиш борасида бой тажрибага эга. Қолаверса, мамлакат пойтахти Ашхобод шаҳрида мазкур йирик комплекс мусобақа муносабати билан муҳташам Олимпия шаҳарчаси ва халқаро стандартларга жавоб берувчи кўплаб спорт иншоотлари қад рослаган.

Ўзбекистон эса 2028 йили ёзги “Осиё болалари” ўйинлари ва 2030 йилги Осиё ўйинларини қабул қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, бу борада Туркманистон Миллий олимпия қўмитасининг тажрибаси ўзаро ҳамкорликда ас қотадиган муҳим жиҳатлардандир.

Мазкур меморандум Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва Туркманистон МОҚ Бош котиби Азат Муратов томонидан имзоланди.

Меморандумга асосан, томонлар ўртасида дўстона ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, кўпгина спорт турлари бўйича икки мамлакат терма жамоалари ўртасида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш, мураббийлар малакасини ошириш, ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш кўзда тутилган.