Умид Аҳмаджонов янги таъмирдан чиққан Намангандаги стадионнинг очилишида иштирок этди

Бугун футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилмоқда. Эътиборлиси, ушбу учрашув “Навбаҳор” учун янги мавсумда ўз майдонида кечган биринчи ўйин бўлди. Жамоа аввалги баҳсларда уй учрашувларини Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказаётган эди.

Айни пайтга келиб, Наманган шаҳридаги стадион тўлиқ таъмирдан чиқарилди, янги майдон ётқизилиб, ўйинларни қабул қилишга шай ҳолга келди. МОҚ президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам мазкур учрашувни бевосита стадиондан кузатиб бориш учун Наманганга ташриф буюрди. МОҚ раҳбари тантанали очилиш маросимида наманганлик чарм тўп ихлосмандларининг футболсеварлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Бизнинг атрофимизда айни дамда Ўзбекистоннинг энг олди футбол мухлислари ўтирибди десам, янглишмаган бўламаган. Сиздек мухлислар энг яхши шароитларга муносибдир. Кўриб турибмизки, Наманган вилояти раҳбарияти буни чуқур англаган ҳолда, барча ижобий ўзгаришларни айнан сиз учун амалга оширишган. Роппа-роса бир йил аввал мазкур стадионнинг янги қиёфасини биргаликда очиш насиб қилганди. Кейинроқ стадион майсаси ҳақида бир қатор танқидий фикрлар билдирилди. Бугун эса “Навбаҳор” ўз уй учрашувларини ўтказадиган майдон ажойиб кўринишга келди. Европанинг мана-ман деган клубларига қарши тўп сурган жамоа бош мураббийини ҳайратга солдими, демак бу майдонда катта ғалабаларга эришиш мумкин. Наманганлик футбол мухлислари ва вилоят мутасаддиларига Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шу билан биргаликда, Суперлиганинг қолган жамоалари мухлислари ҳам стадионларни тўлдиришда сизлардан ўрнак олишларидан умидворман”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Шунингдек, Умид Аҳмаджонов мазкур самарали ишларга бош-қош бўлаётган Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтди.

ЎФА ҳамда ПФЛнинг саъйи-ҳаракатлари натижасида Суперлига жамоаларининг деярли барчасида майдон ҳолати билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқа. Ўтган мавсум “Навбаҳор” стадионининг ҳолати кўплаб эътироз ва танқидларга сабаб бўлаётган эди. “Насаф”нинг заҳира майдонидан олиб келинган янги чим ушбу муаммони бартараф этишга хизмат қилди.