Умид Аҳмаджонов футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари бош мураббийлари билан учрашди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси турли ёшдаги терма жамоаларимиз халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиши ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиши учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, барча ёшдаги терма жамоаларимиз учун пойтахтимизда ва хорижда йиғинлар, кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинмоқда. Бу борадаги мураббийларнинг режалари ва дастурлари билан танишиш ва шундан келиб чиққан ҳолда иш олиб бориш мақсадида, бугун Миллий олимпия қўмитасида ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари бош мураббийлари Азамат Абдураимов ва Отабек Ғуломхўжаев билан учрашди.
Учрашув давомида ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари олимпия ва миллий терма жамоаларимиз пойдевори эканлиги, шу сабабдан бу терма жамоаларнинг асосини шакллантириш ва истеъдодли ёшларни жалб қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
«Миллий ва олимпия терма жамоаларимизнинг тайёргарлик ишларини йўлга қўйиб олганмиз. Энди ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг салоҳиятини ҳам кучайтиришимиз зарур. Бу терма жамоаларда фақат муносиб номзодлар тўп суриши керак. Бунинг учун истеъдодли ёшларни бутун республика бўйлаб излаш керак. 9 май куни ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари иштирок этадиган Осиё чемпионати саралашига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Қуръа ташлаш маросимида бизга қайси терма жамоалар рақиб бўлишидан келиб чиққан ҳолда, ўз режа ва дастурларингизни тузиб чиқишингиз керак. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ана шу дастур асосида тайёргарлик кўришингиз учун барча шарт-шароитларни яратиб беради. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари бош мураббийлари мамлакатимиздаги барча шу ёшдаги футболчилар учун масъул ҳисобланади. Сизларнинг режангиз асосида биз иш олиб борамиз. Асосий мақсад бўлажак Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш», – деди Умид Аҳмаджонов.
Маълумот учун, шу йилнинг 9 май куни U-16 ва U-19 терма жамоалари иштирокидаги Осиё чемпионати саралашига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Аввал хабар қилинганидек, U-16 терма жамоасининг саралаши шу йилнинг 14-22 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. U-19 терма жамоасининг саралаши қаерда бўлиши қуръадан кейин маълум бўлади.

Яна бир маълумот, Ўзбекистон келаси йили бўлиб ўтадиган U-19 Осиё чемпионати финал босқичини қабул қилиш учун ОФКга ариза топширган. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 5-6 май кунлари ОФК инспекцияси юртимизга ташриф буюриб, стадионлар, меҳмонхоналар, умуман, шарт-шароитлар билан яқиндан танишади. Агар ОФК U-19 Осиё чемпионати финал босқичини ўтказишни Ўзбекистонга топширса, Отабек Ғуломхўжаев шогирдлари учун саралаш ўйинлари навбатдаги йиғин вазифасини ўтаб беради.