Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Муроджон Аҳмадалиев тантанали кутиб олинди

Профессионал боксда ёрқин жанглари билан мухлислар меҳрини қозониб келаётган боксчиларимиз Шаҳрам Ғиёсов ҳамда Муроджон Аҳмадалиев бугун Тошкентга қайтиб келишди.

Барчангизга маълум, ҳар икки боксчимиз 26 апрель куни АҚШнинг Калифорния штатида кечган жангда ғалаба қозонишган эди. Эътиборлиси, унда Шаҳрам фаолиятидаги дастлабки титул камари учун рингга кўтарилган ва америкалик Эммануэль Тэйлорни 10 раундлик жангда мағлуб этиб, “WBA Intercontinental” чемпионлик камарини қўлга киритган эди.

Боксчиларимизни кутиб олиш ҳам катта тантана билан ўтди.

Мана дастлабки чемпионлик камаримни ҳам юртимизга олиб келдим. Ҳали бу бошланиши деб ўйлайман. Рақибим ўзига яраша кучли боксчи эди. Шу пайтгача чемпионлик камарлари учун 12 раундлик жангларда рингга чиққан, 1 марта нокаутга учраган холос. Уни ҳам ютиб, шу муваффақиятга эришдим. Бунга оиламдан, яқинларимдан узоқда ўтказган тинимсиз меҳнат ва машғулотларим, ва албатта, сизларнинг дуоларингиз ва қўллаб-қувватлашларингиз натижасида эришдим. Энди оилам билан бироз дам олгач, янада катта камарлар учун жангларга тайёрланаман”, – деди Шаҳрам Ғиёсов.

Яна бир муҳим ғалабани қўлга киритганимдан хурсандман. Бу билан тўхтаб қолмайман, албатта. Ҳали олдинда бундан ҳам катта жанглар бизни кутиб турибди. Насиб қилса, ўз вазнимнинг чемпионлик камарини ҳам юртимизга олиб келаман”, – деди Муроджон Аҳмадалиев.

Боксчиларимизни кутиб олиш маросимида МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, кенг спорт жамоатчилиги, боксчиларнинг яқинлари, ОАВ вакиллари ҳамда юзлаб мухлислар иштирок этишди. Эътиборингизга кутиб олиш ушбу жараёнидан фотосуратларни ҳавола қиламиз:

29 Aprel, 2019|Янгиликлар|