Ольга Забелинская: «Бу ютуқдан кейин кўнгилни ҳотиржам қилиб Олимпиадага тайёрлансам ҳам бўлади»

Тошкент мезбонлик қилаётган велошоссе бўйича Осиё чемпионатининг навбатдаги куни спортимиз учун унутилмас саналардан бўлди. Зеро, унда ҳамюртимиз Ольга Забелинская узоқ масофага ўтказилган пойгада ғалаба қозониб, Токио Олимпиадасига ҳам йўлланмага эга чиқди. Бу Забелинская учун мусобақа доирасидаги иккинчи олтин медалдир. Эътиборингизга Ольга Забелинскаянинг МОҚга берган махсус интервьюсини ҳавола қиламиз.

– Ольга, навбатдаги Осиё чемпионлиги ва Олимпиада йўлланмаси муборак бўлсин. Таассуротларингиз қандай?
– Таассурот, албатта, яхши. Ахир Олимпиадага йўлланма олдим. Қолаверса, бу ўз юртимда ўтаёган мусобақа. Ўзбекистон Осиё чемпионатини биринчи марта қабул қилмоқда. Шундай экан бундай ғалаба халқимизга қувонч, ёш велоспортчимиз учун мотивация беради. Бу ютуқдан кейин кўингилни ҳотиржам қилиб Олимпиадага тайёрлансам ҳам бўлади. Бу фақат менинг ғалабам эмас. Унда бутун жамоа ишлади: шерикларим, механиклар, директор ва федерация мутасаддилари. Барчаларига раҳмат, деб қоламан.

– Олимпиадага қаерда ва қандай тайёрланишни режалаштиргансиз?
– Ҳали мавсум олдинда. Йил давомида кўплаб мусобақаларда иштирок этмоқчиман. Албатта, бунгача тақвимга яна бир назар ташлаб, ўзим учун керакли мусобақалар рўйхатини саралаб оламан. Асосий режа бажарилди. Шу боис бироз ҳордиқ чиқариб олсам, яна машғулотларни давом эттираман. Тайёргарлик борасида айнан бир муқим жойни айта олмайман. Негаки, турли мамлакатларда йиғин ва мусобақаларда бўлиб, жамоамиз билан ишлаб чиқадиган дастуримиз асосида тайёрланамиз.

– Бугун рақибаларингиз сизга кутганингиздек рақобат туғдира олишдими?
– Деярли шундай. Тахминан худди шунақа рақобат бўлади, деб кутган эдим, якунда ҳам шу содир бўлди. Индивидуал пойгада бироз бошқачароқ вазият эди. Аммо бу сафар кутганимдек рақобатга гувоҳ бўлдим.

– Раҳмат сизга, Ольга. Кейинги стартларингизда ҳам ғалабалар ёр бўлсин.
– Раҳмат.

Маълумот учун, теннисчимиз Денис Истомин Осиё ўйинларидаги ғалабасидан кейин терма жамоамиз вакиллари орасида биринчи бўлиб Токио Олимпиадасига йўлланма олган эди. Бу борада Ольга Забелинская иккинчи бўлди.

27 Aprel, 2019|Янгиликлар|