Токиога велошоссе йўли Тошкентдан бошланади

Бугун Тошкент яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилишни бошлади. Қитъамизнинг энг кучли велошоссе усталари 28 апрелга қадар кечадиган баҳсларда ўзларининг бор иқтидорларини намойиш этиш учун юртимизга ташриф буюришди.

Қолаверса, ушбу Осиё чемпионати мазкур спортнинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилган йўналишларида Олимпия йўлланмаларини тақдим этиши билан янада аҳамиятли. Шу боис ҳам унда «сариқ қитъа»нинг 40 га яқин мамлакатидан 500 га яқин энг сара спортчилар жам бўлишди.

Бугун мусобақанинг биринчи кун дастурлари ўтказилди. Унда кўпчиликнинг диққат-эътибори эркаклар ва аёллар ўртасидаги жамоавий спринт пойгасига қаратилди. Пойгаларда эркаклар ўртасида Қозоғистон, аёллар ўртасида эса Жанубий Корея терма жамоасининг қўли баланд келди. Ушбу дастурда ҳамюртларимиз ҳам иштирок этиб, саккизинчи ва бешинчи натижани қайд этишди. Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида параспортчилар бўйича ҳам катор классификациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинди.

Мазкур беллашувларга Бўстонлиқ тумани мезбонлик қилмоқда. Очиқ табиат ва тоза ҳаво қўйнида кечаётган пойгалар кўплаб мухлисларга манзур бўлмоқда. Таъкидлаш жоиз, жамоамиз вакилларининг етакчиликдаги чиқишлари ҳали олдинда. Эртага 20 ва 23 ёшгача бўлган тоифада яккалик беллашувлари бўлиб ўтади.

23 Aprel, 2019|Янгиликлар|