Хитойнинг Циан шаҳрида Осиё чемпионати олдидан UWW Asia Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун Хитойнинг Циан шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати старт олди. Табиийки, мазкур мусобақадан аввал халқаро ташкилотнинг Бош ассамблеяси ва у атрофидаги қатор йиғилишлари ўтказилди. Эътиборлиси, ушбу тадбирларда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев, UWW (Бирлашган курашлар дунёси) вице-президенти Ахролжон Рўзиев ҳам иштирок этишди.

Ассамблея доирасида ушбу спорт тури бўйича 2018 йилда амалга оширилган ишлар яна бир бор муҳокама қилиниб, 2019 йил учун ишлаб чиқилган қатор дастурлар, хусусан, молия соҳасидаги режалар, қолаверса, Токио-2020 Олимпиадасига квалификация доирасидаги дастурлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ассамблея доирасида UWW Asia таркибига ҳам қатор ўзгартиришлар киритилди. Аҳамиятлиси, унда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев мазкур ташкилотнинг маркетинг ва ОАВ билан ишлаш комиссиясининг аъзосига айланди.

Эслатиб ўтамиз, спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида кучли учликка кирган. Курашчиларимиз 2018 йил давомида Олимпия йўналиши бўйича медаллар жамғармаси бўйича ҳам кучли учликдан жой олишди. Вакилларимиз йил давомида 11 та олтин, 13 та кумуш ва 18 та бронза медалларини жамғаришди. Бу борада биринчи ва иккинчи ўринларда мос равишда Эрон ва Япония термалари қайд этилишган. Хитойда старт олган Осиё чемпионати 28 апрелга қадар давом этади.

23 Aprel, 2019|Янгиликлар|