ЎФАда Ўзбекистон олимпия терма жамоасини Осиё чемпионатига тайёрлаш бўйича йиғилиш ўтказилди

Хабарингиз бор, келаси йилнинг 8-26 январь кунлари Тайланд мамлакатида U-23 Осиё чемпионати мусобақаси ўтказилади. Мазкур мусобақада 1-3 ўринни эгаллаган жамоалар Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионати саралашида муваффақиятли қатнашиб, мусобақа йўлланмасини қўлга киритгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Ана шу мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан барча зарур чора- тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг тайёргарлигига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда терма жамоа учун йиғинлар ташкил этиш ва кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, терма жамоага номзод ҳар бир футболчининг жисмоний ва руҳий ҳолатини доимий равишда назорат қилиб бориш, бунинг учун ЎФА мутасаддилари улар билан доимий алоқада бўлиши, суҳбатлар олиб бориши зарурлиги, футболчиларни қийнаётган муаммо ва масалалар тезда ҳал қилиниши кераклиги таъкидланди.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси олдига Токио-2020 олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш бош вазифа қилиб қўйилгани, мазкур мақсадга эришиш учун барча бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши кераклиги ҳам таъкидланди. Терма жамоа учун аниқ режалар белгилаб олинди.

22 Aprel, 2019|Янгиликлар|