Умид Аҳмаджонов Андижон аҳлини футбол ҳавоси қайтгани билан табриклади

Бугун Республикамизнинг турли чеккаларида футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 5-туридан ўрин олган учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Кўпчиликнинг диққат-марказида бўлган қарама-қаршиликлардан бири “Андижон” – “Насаф” ўйинидир. Боиси “Соғлом авлод” стадиони қайта таъмирдан чиққач биринчи бор Суперлига баҳсини қабул қилди. Ўзбекистон МОҚ президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов мазкур учрашувни эътибордан четда қолдирмади ва қайта таъмирдан чиққан стадионнинг очилиш ўйинида иштирок этди.

Роппа-роса бир йил аввал мана шу ўйингоҳда футбол мухлислари билан учрашиш насиб қилганди. Вақтнинг нақадар тез ўтаётгани ва бу вақт давомида футболимизда қанчалик катта ўзгаришлар бўлаётганини айнан мана шу “Соғлом авлод” стадиони мисолида кўришимиз мумкин. Чунки, 1 йил аввал бу арена ЎФА талабларига ҳам жавоб бермасди. Энди эса “Соғлом авлод” Осиё футболи мутахассисларини ҳам қучоқ очиб кутиб олиш учун тайёр ҳолга келди. Биз бу катта ютуқ билан барча андижонликларни муборакбод этамиз”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Шунингдек, очилиш маросимида Умид Аҳмаджонов Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга футболни ривожлантиришга қўшаётган хиссаси учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг махсус совринини топширди.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг «Соғлом авлод» стадионида «Андижон» ва «Насаф» жамоалари учрашуви бошланди.