Умид Аҳмаджонов Андижон вилояти болалар-ўсмирлар футбол академиясига ташриф буюрди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов бугун ишчи гуруҳ билан Андижонда бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Андижонда футболни, хусусан, болалар футболини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш саналади. Ташриф давомида Умид Аҳмаджонов Шўрбулоқ даҳасида жойлашган вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясига ҳам ташриф буюрди.

МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ўтган йилнинг 2 февраль куни Андижонга ташриф буюриб, вилоят спортининг ўша вақтдаги ҳолати билан яқиндан танишган ва зарур кўрсатмалар берган эди. Бу галги ташриф чоғида эса ўтган вақт давомида амалга оширилган ишлар билан яқнидан танишилди. Шунингдек, академия тарбияланувчилари ва мураббийлар билан ҳам суҳбатда бўлиб, академия раҳбарияти олдига керакли вазифаларни белгилаб берди.

Маълумки, жорий йилда “Андижон” футбол клуби Андижон вилояти болалар-ўсмирлар футбол академияси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича тузган шартномаси асосида “Андижон-2” фарм клубини тузган ва мазкур жамоа B Про-лигада иштирок этмоқда. Ушбу клуб асосини яқин вақт ичида тўлалигича болалар-ўсмирлар футбол академияси тарбияланувчилари ташкил этиши кўзда тутилган.