Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Туркияда миллий камончилик сирларини ўрганишмоқда

Олимпия ўйинлари дастурига киритилган камондан отиш спорти дунёнинг ҳар бир мамлакатида ривожланиб бормоқда. Туркиялик камонбозлар миллий камонлар ясаш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланиб, бугунги кунда ҳам ўз ишининг усталари бу ҳунарни давом эттиришмоқда. Ўзбекистон камондан отиш федерацияси Туркия этноспорт ва камончилар фонди конфедерацияси билан ҳамкорликни янада кенг йўлга қўймоқда.

Икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тузилган шартнома бўлимларидан бирида спортчиларимизга миллий камонларни тайёрлаш ҳам киритилган. Ушбу ўқув дарслари Ўзбекистон камондан отиш спортини ривожлантириш йўлида қўйилган муҳим жараёнлардандир. Яна бир қизиқарли жиҳати шундаки, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси тарихида бундай амалиёт ҳеч қачон бўлмаган.

Мазкур ўқув жараёнида қуйидаги спортчиларимиз иштирок этишмоқда:
1. Аббосжон Минаваров
2. Эргашбек Аъзамов
3. Шамсиддин Абдуқаҳҳоров
4. Марина Савинова
5. Саидахон Максумова
6. Дилнозахон Аҳмаджонова

Ўқув машқи 1 апрелда бошланган бўлиб, ой охиригача давом этади. Камончиларимиз билан туркиялик мутахассисларнинг ўзлари бу жараёнда иштирок этишмоқда.

15 Aprel, 2019|Янгиликлар|