Дзюдо бўйича халқаро мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Бугун пойтахтимизда дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё очиқ кубоги старт олди. Унда 6 мамлакатдан ташриф буюрган 250 га яқин дзюдочилар ғолиблик учун баҳс олиб боришади.

Бироз аввал “Универсал” спорт мажмуаси мезбонлик қилаётган мазкур турнирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон дзюдо федерацияси вакиллари, шунингдек, кенг спорт жамоатчилиги ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан Бош котиб Жасур Матчанов сўзга чиқди.

“Маҳоратли дзюдочимиз Учқун Муродонов хотирасига бағишлаб ҳар йили анъанавий тарзда ташкил қилинадиган мазкур мусобақа бу гал ўзгача руҳда ўтмоқда. Бу мусобақанинг аҳамияти шундаки, унда ҳар йили ёш ва иқтидорли дзюдочиларни кашф қилинади. Шунингдек, мураббийларимиз бу турнир орқали спортчиларнинг жисмоний ҳолатини яна бир бор кўздан кечириб олишади. Фурсатдан фойданалиб, ушбу Осиё очиқ кубогида иштирок этаётган барча ёш дзюдочиларга омад ва зафарлар тилаб қоламан.”, – деди Жасур Матчанов.

Мусобақанинг энг сўнгги натижалари билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг расмий сайтида танишиб борасиз.

12 Aprel, 2019|Янгиликлар|