Кемран Нуруллаев ярим финалда

Туркиянинг Анталья шаҳрида старт олган дзюдо бўйича Гран-при мусобақасининг биринчи кун беллашувларида саралаш баҳслари ўзининг қизғин палласига кирди. Енгил вазн тоифасида кечаётган беллашувларда терма жамоамиз вакили Кемран Нуруллаев (-60 кг) ўз вазн тоифасида ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Юртдошимиз бу йўлда Хитой Таипейи, Туркия, Болгариянинг номдор дзюдочиларини, чорак финалда эса жаҳон чемпионатининг кумуш совриндори озарбайжонлик Орхан Сафаровни мағлубиятга учратди. Вакилимиз финалга чиқиш учун туркиялик бошқа бир дзюдочи Михрач Аккушни енгиши керак бўлади.

Бугун старт олган бошқа вакилларимиз Достон Рўзиев (-60 кг) ҳамда Шаҳрам Аҳадов (-66 кг) медаллар учун курашиш босқичига етиб бора олмаган бўлсалар-да, Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколарини жамғаришди.

5 Aprel, 2019|Янгиликлар|