Умид Аҳмаджонов ОФК Конгрессида иштирок этиш учун Малайзияга жўнаб кетди

6 апрель куни ОФК штаб-квартираси жойлашган Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) 29-Конгресси бўлиб ўтади. Унда кун тартибига қўйиладиган асосий масала 2019-2023 йиллар учун ташкилотнинг янги раҳбарини сайлаш бўлади. ОФК президентини сайлаш жараёнида ташкилотга аъзо 47 мамлакат федерацияларнинг вакиллари овоз беришади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти, Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА) презиенти Умид Аҳмаджонов мазкур Конгрессда иштирок этиш учун Куала-Лумпур шаҳрига жўнаб кетди.

Айни пайтга келиб, ОФК президентлигига номзодлар орасида фақатгина ташкилотнинг амалдаги раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа номзоди қолган. Даставвал бу лавозимга даъвогарлар сони 3 нафар эди: Шайх Салмон Иброҳим бин Халифа (Баҳрайн), Сауд Ал Моҳаннади (Қатар) ҳамда Муҳаммад Ал Ромаити (БАА).

Март ойида дастлаб Муҳаммад Ал Ромаити, кейинчалик Сауд Ал Моҳаннади сайловда иштирок этмаслигини маълум қилиб, ўз номзодини қайтиб олган эди. Шу тариқа номзодлар орасида фақатгина Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа қолган холос. Эслатиб ўтамиз, ОФК президенти бир вақтнинг ўзида ФИФА вице-президенти ҳам саналади.

Таъкидлаш жоиз, ўтган ой Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА) Конгрессида ташкилотга аъзо барча мамлакат вакиллари (Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) бўлажак сайловда Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашини маълум қилишган эди.

Шунингдек, эртангги Конгрессда ОФК вице-президентлигига, ФИФА консуллигига, ОФК эркаклар ва аёлар ижроқўмига ҳам сайловлар бўлиб ўтиши белгиланган.

Маълумот учун, Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа 2013 йил май ойида ОФК президенти этиб сайланган. Ташкилотнинг амалдаги раҳбари бўлажак сайловда ҳам ўз номзодини қўйиши ҳақида ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган ОФК ижроқўмининг йиғилишда маълум қилган эди.