Умид Аҳмаджонов Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернатига 120дан ортиқ китоб совға қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аҳоли ўртасида саводхонликни ошириш, ёшлар орасида китобга бўлган меҳрни шакллантириш мақсадида бутун мамлакатимиз бўйлаб раҳбар ходимлар, вазирликлар ва қўмиталар, йирик компания ва ташкилотларга мактаб-интернатлар, институтлар ва кутубхоналарга китоблар совға қилиш бўйича ташаббус кўрсатган эди. Ушбу кўрсатма юзасидан Ўзбекистон МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бугун Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати (РИОЗМИ) кутубхонасига 120дан ортиқ китоб совға қилди.

Ушбу китоблар орасидан Тохир Малик, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Қодирий Муҳаммад Юсуф каби ўзбек, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Шолохов, Л.Толстой, Т.Драйзер, Артур Конан Дойл, Жанни Родари каби хориж адабиёти намоёндалари, қолаверса, Валерий Лобановский, Борис Аркадьевдек жаҳонга машҳур спорт мутахассисларининг бадиий ва илмий асарлари ҳам ўрин олган.

Ҳақиқий спортчи бўлиб етишиш учун жисмоний тайёргарликдан ташқари интеллектуал жиҳатдан ҳам юқори салоҳиятга эга бўлиш керак. Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз жуда ҳам фойдали ишни бошлаб бердилар. Ишонаманки, саводхонлиги юқори бўлган сиз каби спортчилар келажакда бунданда яхши натижалар қайд этиб, юртимиз довруғини янада кўтарасизлар”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Шунингдек, МОҚ раҳбари РИОЗМИ фаолияти ва олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди. Камондан отиш, спорт курашлари ва бир қатор спорт турлари билан шуғулланадиган ёшлар учун таъмирланаётган иншоотлар ва майдонлар билан яқиндан танишиб, қилиниши керак бўлган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўз фикрини билдириб ўтди.