Любинко Друлович: «Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш учун барча мухлисларни стадионга чорлаб қоламан»

Хабарингиз бор, шу йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда U-23  Осиё чемпионати саралашининг «F» гуруҳидан ўрин олган учрашувлар бўлиб ўтади.  Мазкур саралаш баҳсларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан биргаликда Тожикистон ва Ҳиндистон терма жамоалари ҳам иштирок этишади.
Бугун ана шу саралаш ўйинлари олдидан учта терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Любинко Друлович (Ўзбекистон ОТЖ бош мураббийи): “Эртага муҳим мусобақада иштирокни бошлаймиз. Бу саралаш баҳслари олдидан Испания ва Туркияда йиғин ўтказдик. Бир қатор назорат ўйинларида майдонга тушдик. Мақсад битта – барча ўйинда ғалаба қозониб, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Терма жамоага жалб қилинган футболчилардан кўнглим тўқ. Уларнинг жисмоний ҳолати мени қониқтирмоқда. Иложи борича кўпроқ гол уриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз мазкур саралаш ўйинларини амалдаги Осиё чемпиони сифатида ўтказамиз.

Бу ўзига хос босим юклайди. Умуман, футболда ҳамиша босим бўлади. Бу нормал ҳолат. Эртага стадионга кўпроқ мухлислар тушиб, бизни қўллаб-қувватлаб туришса, ўйлайманки, босимни енгишимиз осонроқ бўлади. Покистон терма жамоаси мазкур саралашга кела олмаганидан афсусдаман. Покистон ҳам қатнашганда, футбол учун яхши бўларди. Кўпроқ ўйин ўтказардик. Таркибда кичик жароҳат олган футболчилар бор. Бобур Абдухолиқов ва Аброр Исмоилов ўзини бир оз ёмон ҳис қилаётганди. Ҳиндистонга қарши ўйин олдидан машғулот ўтказамиз. Ўша машғулотдан кейин эртага асосий таркибда майдонга тушадиган футболчилар ҳақида бир тўхтамга келиб оламиз”.

21 Mart, 2019|Янгиликлар|