Ўзбекистон терма жамоаси қизлари жаҳон чемпионатини биринчи ўринда якунлашди

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўз якунига етди. Мусобақа якунлангач, турнирда алоҳида йўналишларда энг кучли спортчилар ҳам аниқлаб олинди.

Эътиборлиси, қизлар ўртасида 2 та йўналишда жаҳон рекордини ўрнатган юртдошимиз Кумушхон Файзуллаева (-64 кг) мусобақанинг энг яхши атлети, деб топилди. Спортчимизга ушбу совринни Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Аяннинг ўзи топширди.

Қолаверса, турнирда қизлар терма жамоамиз медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринни қўлга киритди. Вакилаларимиз мусобақа давомида 7 та отин ва 2 та кумуш медалларини ўз ҳисобларига ёздириб қўйишган. Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. Мусобақада иштирок этган делегациямиз 18 март куни пойтахтимизга қайтиб келади.

16 Mart, 2019|Янгиликлар|