Тошкент 2 йилдан сўнг оғир атлетика бўйича ЖЧни қабул қилади

Айни кунларда АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ЖЧ бўлиб ўтаётганидан хабарингиз бор. Унда мусобақадан ташқари оғир атлетиканинг кейинги йиллардаги истиқболи ва уни янада оммалаштириш, олиб кириш мумкин бўлган ўзгаришлар юзасидан саммитлар ҳам ташкил қилинмоқда.

Ана шундай йиғилишларнинг бирида 2021 йили ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги ЖЧга мезбонлик қиладиган мамлакатни аниқлаш масаласи ўртага қўйилди. Унга кўра, 2018 йил ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигини юқори савияда ташкил қилиб берган пойтахтимизга ўсмирлар ўртасидаги мусобақани ҳам шундай савияда ташкиллаштиришдек масъулиятли вазифа ишониб топширилди. Мусобақа апрель ойида ўтиши режалаштирилган.

«Ушбу мусобақалар муҳим аҳамият касб этади. Чунки турнир ғолиб ва совриндорлари медаллар билан бирга навбатдаги IV ўсмирлар олимпия ўйинларига йўлланмалар билан ҳам мукофотланади. Турли миллий федерацияларда ишлаётган ҳамкасбларимиз Тошкентдаги чемпионатнинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишгани бежиз эмас. Ўтган йили мамлакатимиз баҳорда Урганчда ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатини, ёзда Тошкентда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатини юксак савияда ташкил қилишга эришди. Биз жаҳон оғир атлетика ҳамжамияти ишончини оқлаш учун барча чораларни кўрамиз. Шунингдек, уйдаги мусобақада муносиб қатанаша оладиган жанговар таркибни шакллантиришга ҳаракат қиламиз«, – деди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, халқаро оғир атлетика федерацияси ижроқўми аъзоси Шаҳрилло Маҳмудов.

Шунингдек, 2021 йили ёшлар ўртасидаги ЖЧга Саудия Арабистонининг Жидда шаҳри мезбонлик қиладиган бўлди. Таъкидлаш жоиз, бу ҳам оғир атлетика тарихидаги муҳим воқеликлардан бири бўлиб қолади.

10 Mart, 2019|Янгиликлар|