Исроил Мадримов: Бўлажак баҳсда ғалаба қозониб, уни барча аёлларимизга, аввало, онамга бағишламоқчиман

Хабарингиз бор, профессионал боксда фаолият олиб бораётган юртдошимиз Исроил Мадримов 9 март куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзининг иккинчи жангини венесуэлалик Фрэнк Рохасга қарши ўтказади. МОҚ матбуот ва медиа департаменти жанг арафасида Исроил билан боғланди. Ўз навбатида, боксчимиз бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Мақсадим жиддий. Буни биринчи жангнинг ўзидаёқ камар учун рингга чиқиб кўрсатган эдим. Энди уни ҳимоя қилиб, ўз йўналишимнинг асосий камарига эга чиқмоқчиман. Бунинг учун янада жиддий рақиблар танлаш керак. Бу, аввало, катта тажриба орттиришга ёрдам беради. Шу боис ҳам мана шу венесуэлалик рақибни танладик. Унинг статистикаларига эътибор қаратган бўлсангиз, 24 ғалабадан 23 тасини нокаут эвазига қўлга киритган ва 2 бор мағлуб бўлган. Шунинг учун мазкур рақибда тўхталдик. Бўлажак баҳсда ғалаба қозониб, уни барча аёлларимизга, аввало, онамга бағишламоқчиман”, – дейди Исроил Мадримов.

Шу ўринда биз ҳам боксчимизга бўлажак баҳсда омад тилаймиз. Таъкидлаш жоиз, баҳс маҳаллий вақт билан 9 март санасига белгиланган бўлса-да, Тошкент вақти билан 10 март куни эрталабга тўғри келади.

7 Mart, 2019|Янгиликлар|