Денис Истомин Индиан-Уэллсда асосий даврага йўл олди

Юртимизнинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин АҚШнинг Индиан-Уэллс шаҳрида старт олган мусобақанинг асосий даврасига йўл олди.

Квалификациянинг иккинчи босқичида теннисчимиз беларуслик Егор Герасимовга қарши кортга чиқди. 1 соат 17 дақиқа давом этган баҳсда юртдошимиз 6:4, 6:4 ҳисобларида устун келди. Истомин бунгача мезбон Эван Сонгни мусобақадан чиқариб юборган эди.

Қуръа натижасига кўра, Денис асосий тўрнинг биринчи даврасида голландиялик Робин Хасе билан рақобат олиб боради. Маълумот учун, Индиан-Уэллс мусобақаси “мастерс” сериясига кирувчи турнирлардан бири бўлиб, ғолиб 1000 рейтинг очкосига эга бўлади. Мусобақанинг соврин жамғармаси эса 9.314.875 АҚШ долларини ташкил этади.

7 Mart, 2019|Янгиликлар|