МОҚда Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди

Бугун, 20 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди вакиллари билан учрашув ташкил қилинди. Унда Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, МОҚ вице-президенти ва Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раиси Аҳмаджон Раҳимов ҳамда ассоциациянинг бошқа мутасаддилари иштирок этишди.

Учрашувда таэквондони Ўзбекистонда янада ривожлантириш, оммавийлигини ошириш, Олимпия ўйинларида муносиб натижаларга эришиш масалалари муҳокама қилинди.

Умид Аҳмаджонов меҳмонларни қарши олар экан, таэквондо ватани вакиллари билан ҳамкорлик биз учун самарали бўлиши ҳақида гапирди.

«Авваламбор Ўзбекистонга ҳуш келибсиз. Бир неча ой олдин Аҳмаджон Раҳимов билан бирга Корея Республикасига бориб, таэквондони ривожлантириш бўйича бир қатор келишувларга эришгандик. Айни пайтда Токио Олимпиадасида юқори натижаларга эришиш, мамлакатимизда спортнинг ушбу турини янада тараққий топтириш бўйича катта стратегия ишлаб чиқилган. Биз таэквондо ватани вакиллари билан ҳамкорлик орқали юксак натижаларни қайд этмоқчимиз. Яқинда спортчиларимиз Корея Республикасида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиб қайтишди. Сиз орқали юртимизда таэквондони оммалаштиришдан биз жудаям хурсанд бўлардик», – деди МОҚ раҳбари.

Ўз навбатида фонд раҳбари Санг Вук Ли бундай эътибордан хурсанд эканлигини ва ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

«Бизни илиқ кутиб олганингиз учун ташаккур. Корея ва Ўзбекистоннинг ўхшаш жиҳатлари кўп. Таэквондо инсонда жисмоний ва руҳий маданиятнинг уйғунлигини мужассамлаштирган спорт тури ҳисобланади. Шахсан МОҚ раҳбарининг ўзи таэквондога бундай эътибор қаратаётгани бизни қувонтирмай қолмайди.

Фондимизнинг асосий мақсади таэквондони бутунжаҳон бўйлаб ривожлантиришдир. Бизда мамлакат Президенти ҳам таэквондога қизиқади ва мазкур спорт тури Қуролли кучлар тизимига киритилган.

Биз Ўзбекистондаги корейс диаспораси вакиллари билан учрашувда нафақат ўзаро муносабатларни, балки таэквондони ҳам ривожлантиришда яқиндан ҳамкорлик қилишни илтимос қилдик. Биз таэквондо тараққиёти йўлида Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси билан бирга ишлашга тайёрмиз», – деди жаноб Ли.

Ўз навбатида Умид Аҳмаджонов юртимиздаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам таэквондо тўгараги иш олиб борилаётгани, шу орқали мазкур спорт турини оммавийлигини янада ошириш мақсад қилинганлигини таъкидлаб ўтди. Бу эса албатта меҳмонларни хурсанд қилмай қолмади.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов анъанага кўра Миллий олимпия қўмитаси номидан меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Санг Вук Ли ҳам Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси учун аталган совғаларини тортиқ этди.