Искандар Шодиев Ўзбекистон хоккей федерацияси раисининг ўринбосари этиб сайланди

Сизга яхши маълумки, юртимизда хоккейга бўлган қизиқиш аввалдан юқори бўлган. Бироқ, сўнгги йилларда мамлакатимизда ушбу спорт фаолиятида бироз узилиш пайдо бўлган ва Ўзбекистонда хоккей тараққиёти тўхтаб қолганди. Бугунга келиб шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қишки спорт турларини, жумладан хоккейни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда юртимизда хоккей федерацияси ҳам фаолият олиб бормоқда.

Бугун, 13 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбарияти ва мутасаддилари, ҳакамлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала федерация раисига ўринбосар сайлашдан иборат эди. Шу муносабат билан мазкур лавозимга “Бинокор” хоккей клуби менежери Искандар Қосимович Шодиев номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар. Шу тариқа, И.Шодиев Ўзбекистон хоккей федерацияси раисининг ўринбосари лавозимига сайланди.

«Менга ана шундай имконият берилганидан хурсандман. Ўзбекистонда хоккей аста-секинлик билан ривожлантирилмоқда. Бу йилдан миллий чемпионат ҳам ташкил этилди. Пойтахтимизда катта муз аренаси бунёд этилмоқда. Мақсадимиз – хоккейни Республика бўйлаб ривожлантиришдир. Биргаликда ишлаб келажакда муваффақиятларга эришамиз ва вақти келиб КХЛда ҳам ўз жамоамиз бўлади», – деди Искандар Шодиев.

МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам келажакда хоккей юртимизда ривожланиши ҳақида гапириб ўтди.
«Март ойида юртимизда «Ҳумо» муз саройи фойдаланишга топширилади. Келажакда бундай муз ареналари вилоятларда ҳам кўпайишига умид қиламиз ва хоккейни бутун мамлакатимиз бўйлаб ривожлантирамиз», – деди Умид Аҳмаджонов.

Шу тариқа, Ўзбекистон хоккей федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.