Умид Аҳмаджонов ҳакамлар билан учрашувда янги мавсум учун мақсад ва вазифаларни белгилаб берди

Бугун, 11 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Суперлига ва Про-лига ҳакамлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров, ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти бошлиғи Маъмур Саидқосимов ва бошқалар иштирок этишди.

Йиғилиш давомида ҳакамлар ҳолисликни таъминлашлари лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда сўзга чиққан Умид Аҳмаджонов ҳам ҳакамлар савиясини ошириш кераклиги, уларни халқаро майдонларда ҳам ўзларини кўрсатишлари лозимлиги ҳақида гапирди.

Ҳакамларга энди мезбон клуб эмас, ПФЛ пул тўлайди

«Сир эмаски, ҳакамларимиз савиясини ошириш учун Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Сизлар учун хорижий ўқув-машғулотлар ташкил қилдик, турли семинарлар ўтказмоқдамиз. Энди ўйинларда яхши баҳо олган ҳакамлар ЎФА томонидан рағбатлантириб борилади. Шунингдек, ҳакамларнинг сафар ҳаражатлари ҳам аввалгидек мезбон клуб томондан эмас, ПФЛ томонидан тўлаб берилади. Қўпол хатоларга йўл қўйган ҳакамлар эса қайтиб Суперлига ўйинларига қўйилмайди. Улар Про-лига мусобақасида ҳакамлик қилишади. Юқори лига учрашувларини бошқаришга муносиб эканликларини қайта исботлашлари керак бўлади», – деди Умид Аҳмаджонов.

Ҳакамларни маҳсус инспекция назорат қилади

«Мақсад – ҳакамларимиз ўйинларни холис ва адолатли бошқаришсин, турли қинғирликлардан узоқроқ юришсин. Ҳакамларнинг ҳаракатлари мунтазам равишда махсус инспекция томонидан назорат қилиб борилишини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. Қинғир ишларларга аралашадиган ҳакамлар қаттиқ жазоланади», – деб алоҳида қайд этди ЎФА биринчи вице-президенти.


Равшан Эрматов ҳакамларга кураторлик вазифасини бажаради

Равшан Эрматов бутун дунёда ҳурматга сазовор ҳакам ҳисобланади. У эндиликда Суперлига ва Про-лига ҳакамларига кураторлик вазифасини бажаради. Ўзининг катта тажрибаси ва маҳорати билан бошқа ҳакамларга ҳам малака оширишга ёрдам беради. Ҳакамларимиз фақат Ўзбекистон доирасидаги учрашувларда ишлаб қолмай, FIFA ва AFC таснифидан ўрин олган ўйинларда кўпроқ ишлашларига эришишимиз зарур. Бунинг учун ҳар бир ҳакам ўз устида кўп ишлаши, меҳнат қилиши талаб этилади. Шундагина ривожланишни кузатиш мумкин бўлади.