Эржан Булут Туркияда ўзбек спорти вакили сифатида иш олиб боради

Хабарингиз бор, шу йилнинг 24-25 январь кунлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси мутасаддилари Туркияга сафар уюштириб, у ерда Туркия футбол федерацияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказишганди. Ушбу музокаралар давомида икки мамлакат футболи ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш бўйича келишувга эришилганди.

Мана шу келишув асосида туркиялик Эржан Булут Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вакили, МОҚ президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг маслаҳатчиси сифатида иш олиб боради. У икки мамлакат спорти, ҳусусан, футбол бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар, лойиҳалар ва бошқа масалаларда вакил сифатида ишлайди.

Булут Туркия ва Ўзбекистон ўртасида спорт бўйича ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш, икки мамлакат футболи ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш, терма жамоалар, клублар ўртасида ўртоқлик ўйинлари ташкил қилиш ва бошқа шу каби лойиҳаларни амалга оширилишига яқиндан кўмак беради.

Маълумот учун, Эржан Булут 1970 йил, 13 октябрда Анқара шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари уюшмаси (ЎТИУ) кенгаши раиси, «Ziraat Bank» кенгаши маслаҳатчиси, Ўзбекистон ва Туркия Ziraat Finans Group координатори ҳисобланади.