Хоккей бўйича тарихий Ўзбекистон I чемпионатини Умид Аҳмаджонов очиб берди

Хабар бериб ўтганимиздек, бугун 8 февраль куни хоккей бўйича Ўзбекистон I чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. «Ice City» муз саройида ташкил этилган очилиш маросимида Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди.

МОҚ раҳбари тадбирда сўзга чиқар экан, ушбу тарихий кун билан барчани муборакбод этиб ўтди ва мусобақани расман очиб берди.

«Бугун ўзбек спорти учун тарихий кун десак муболаға бўлмайди. Мустақил Ўзбекистон тарихида хоккей бўйича биринчи мамлакат чемпионати старт олмоқда.

Айни пайтда давлатимиз раҳбари, муҳтарам Шавкат Миромонович томонларидан қишки спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказий Осиёда ягона бўлган «Ҳумо» муз саройининг очилиш маросимига ҳам оз вақт қолмоқда. Ушбу аренанинг фойдаланишга топширилиши юртимизда қишки спорт турларининг тараққиётига катта туртки бўлиши шубҳасиз.

Фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистон чемпионатининг барча иштирокчиларига омад тилайман. Мусобақада кучлилар ғалаба қозонсин. Ишонаманки, хоккей юртимизда ҳам ривожланиб, яқин йилларда спортчиларимиз халқаро майдонларда ҳам ўз сўзларини айта олишади.

Хоккей бўйича Ўзбекистон биринчи чемпионатини очиқ деб эълон қиламан», – деди МОҚ президенти.

Шундан сўнг тадбир меҳмонлари учун кўргазмали чиқишлар тақдим этилди. Сўнгра Ўзбекистон чемпионати иштирокчилари музга чиқиб келишди.

Тантанали очилиш маросимида Россиядан ташриф буюрган фахрий меҳмон, икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, афсонавий Сергей Макаров ҳам ўзининг энг самимий тилакларини билдириб ўтди ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Маълумот учун, илк маротаба ташкил этилаётган мамлакат чемпионатида «Бинокор», «Ҳумо», «Семурғ» ҳамда «Тошкент» жамоалари иштирок этишмоқда.

Мусобақада қайд этилаётган натижалар билан Миллий олимпия қўмитасининг расмий сайти орқали таништириб борамиз.