Каратэ. Франциялик машҳур мураббий Хасин Хаддад мастер-класс ўтказиш учун Тошкентга келди

Сир эмаски, каратэ жаҳонда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Спортнинг ушбу тури 2020 йилги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олгани ҳам бунинг исботидир. Шу боисдан ёшларимиз келажакда соғлом, бақувват бўлишлари, юртимиз довруғини халқаро ареналарда юксакларга кўтариш учун ҳам каратэ билан шуғулланишмоқда.

Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ва Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси томонидан спортнинг ушбу турини ривожлантириш, уни аҳоли орасида янада оммалаштириш йўлида иш олиб борилмоқда.

Ёш авлодни спортга қизиқтиришда эса жаҳон юлдузлари билан учрашувлар, улар иштирокидаги мастер-классларнинг аҳамияти катта. Шу муносабат билан спортчилик вақтида кўплаб совринларни қўлга киритган, мураббий сифатида жаҳон ва Европа чемпионларини тарбиялаган, бугунги кунда каратэ йўриқчиси (инструктори) бўлиб ишлаётган машҳур Хасин Хаддад ЎКМФ раҳбариятининг таклифига кўра Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Мутахассис Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди. Режага биноан у юртимизда терма жамоамиз аъзолари, ёш каратэчиларимиз учун мастер-класс ўтказади. Спортчиларимиз чемпионга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Бу эса ўз навбатида Олимпия оиласи аъзосига айланаётган каратэчиларимиз учун ҳақиқий тажриба мактаби бўлиши шубҳасиз.

7 Fevral, 2019|Янгиликлар|