МОҚ спорт федерацияларига махсус тренажёрлар тақдим этди – бадминтончиларимизнинг машғулотларидан лавҳа

Сир эмаски, спортда юксак натижаларга эришиш учун юқори жисмоний тайёргарликка эга бўлиш талаб этилади. Бунда эса тренажёрларнинг аҳамияти катта. Миллий олимпия қўмитаси шуни инобатга олган ҳолда юртимиздаги бир неча спорт федерация ва ассоциацияларига махсус спорт жиҳозлари тўпламини тақдим этди. Шу жумладан, Ўзбекистон бадминтон федерацияси базасида ҳам янги тренажёрлар ўрнатилди ва терма жамоамиз спортчилари учун фойдаланишга топширилди.

Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва медиа департаменти вакиллари Ўзбекистон бадминтон федерациясига ташриф буюриб, терма жамоа аъзоларининг машғулот жараёнини кузатишди. Хабарингиз бор, бадминтонда оёқ ва қўлларнинг ҳаракати муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабдан ҳам тренажёрдаги машқлар асосан оёқ ва қўлларга куч беришга қаратилганди.

«Октябрь ойида Ўзбекистон бадминтон федерациясининг спорт мажмуаси иш бошлади. Бу ерда терма жамоа аъзолари муҳим мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришлари учун барча шароитлар яратилган. Ёруғ спорт зали машғулотлар учун жуда қулайдир. Спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги албатта муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабдан ҳам Миллий олимпия қўмитаси томонидан тренажёрлар тақдим этилди. Бунинг учун МОҚқа раҳмат. Ушбу замонавий спорт жиҳозлари ёрдамида спортчилар ўзларининг жисмоний тайёргарликларини кучайтириш имконига эга бўладилар. Бу ўз навбатида спортчиларга юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишда ёрдам беради», – деди Ўзбекистон бадминтон федерацияси бош котиби Онажон Жуманиязова.

Тренажёр машғулотлари якунлангач, спортчилар залга чиқишди. У ерда мураббийлар спортчилар билан тактик ва техник томонлама иш олиб боришди. Сўнгра анъанага биноан бадминтончилар яккалик ва жуфтлик баҳсларида куч синашишди.

Бадминтончиларимиз мусобақаларга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Терма жамоамиз етакчиси Артём Саватюгин Токио Олимпиадаси лицензиясини қўлга киритишга астойдил бел боғлаган.

«Бу ерга кўчиб ўтганимиздан сўнг ҳар куни машғулотлар ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Кунига 2 маҳал, умумий ҳисобда 6-7 соат давомида шуғулланамиз. Баъзида ундан ҳам кўп. Бу албатта юкламаларга боғлиқ. Энди бизда тренажёрларда шуғулланиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Бу орқали жисмоний тайёргарликни ҳам кучайтирамиз. Чунки, бундай машқларсиз жисмоний ҳолатни ушлаб туриш қийин бўлади. Айни пайтда 24 февраль куни старт оладиган Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик кўряпмиз. Апрель ойида эса Хитойда ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этамиз. Шунингдек, йил давомида рейтинг мусобақаларида иштирок этиб, муҳим очколарни қўлга киритишимиз лозим. Токио Олимпиадаси лицензияси учун имкониятлар? Жуда яхши. Чунки, биз баҳсларга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Шунинг учун, лицензия олиш учун қўлдан келган барча ишни амалга оширамиз», – деди Артём Саватюгин.

5 Fevral, 2019|Янгиликлар|