Токиода ўзбек спортининг зафарли онлари ва мамлакатимизнинг туристик салоҳияти бўйича тақдимот ўтказилди

Миллий олимпия қўмитаси делегацияси Токиода спорт ташкилотлари вакиллари билан музокара олиб боришда давом этади.

МОҚ вице-президенти Комил Рўзиев Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш ишлари вазири, Япония Парламенти депутати Йошитака Сакурада билан биргаликда «Япония-Ўзбекистон Ипак йўли» фондининг анжуманида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Улар йиғилишда Ўзбекистон билан бирга амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар тақдимотини ҳам ўтказдилар.

Вазир Й.Сакурада МОҚ вакиллари билан музокараларни юқори баҳолади ва Ўзбекистон билан нафақат спорт, балки туризм соҳасида ҳам ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди.

Тадбир ташкилотчиси, “Япония-Ўзбекистон Ипак йўли” фонди васийлик кенгаши раиси, Япония сумо ассоциацияси фахрий раиси Кацуки Эбисава яқиндан ҳамкорлик, Тошкент ва Токио ўртасида жисмоний тарбия ва спорт тиббиёти йўналишида биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар учун Ўзбекистон МОҚ президенти Умид Аҳмаджоновга ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Шунингдек, Ўзбекистон МОҚ вакилларининг Японияга ташрифи Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари олдидан ҳар икки мамлакат учун самарали бўлишида катта аҳамият касб этишини маълум қилди.

Йиғилиш давомида МОҚ вице-президенти Комил Рўзиев Ўзбекистонда спорт соҳасидаги эришилган ютуқлар ва мамлакатимизнинг туристик салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди.

1 Fevral, 2019|Янгиликлар|